«Соғлом авлод учун» халқаро хайрия фонди ташаббуси билан кам таъминланган, ижтимоий ҳимояга муҳтож оилаларнинг саккиз нафар бемор фарзанди Германияга даволаниш учун жўнатилди, деб ёзади ЎзА.
Фонд Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Германиянинг Friedensdorf International халқаро ташкилоти билан ҳамкорликда 2002 йилдан буён ана шундай тиббий-ижтимоий лойиҳани амалга ошириб келмоқда. Ўтган вақт мобайнида ушбу лойиҳа доирасида уч юздан кўпроқ туғма ва орттирилган хасталиклар билан касалланган бемор бола хориждаги замонавий клиникаларда соғломлаштирилди. Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида тўрт юз нафарга яқин бемор болага замонавий андозалар асосида тиббий ёрдам кўрсатилди.
Халқ билан мулоқот ва инсон манфаатлари йилида фонднинг тиббий-ижтимоий лойиҳалари кўлами янада кенгаймоқда. Фонднинг жойлардаги патронаж бригадалари мутахассислари шифокорлар билан ҳамкорликда оилаларнинг тиббий-ижтимоий ҳолатини ўрганиш, ижтимоий ҳимояга муҳтож аҳолини ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш, бемор болаларни соғломлаштиришга алоҳида эътибор қаратмоқда.
«Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — @toshqindaryo’га аъзо бўлинг!