Болалигидан бери АҚШда яшаб келган мексикалик Роза Мария Ортега Даллас шаҳри суди томонидан саккиз йилга қамалди. Бу ҳақда «Газета.ru» хабар бермоқда.
Суд қарорига кўра, Роза Мария сайловда овоз бериш ҳуқуқига эга эмаслигига қарамай, икки бор сайловларда иштирок этган. Далласда рўйхатдан ўтган Green Card соҳибаси 2012 йилдаги президентлик ҳамда 2014 йилда бўлиб ўтган оралиқ сайловларда қатнашган.
Ортега АҚШнинг Республикачилар партияси аъзоси ҳисобланади. Маълум қилинишича, у 2012 йилдаги сайловда Республикачилар партияси томонидан президентликка илгари сурилган номзод Митт Ромнига овоз берган.
Саккиз йиллик қамоқ жазосини ўтагач, тўрт фарзанд онаси АҚШдан депортация қилиниб, мамлакат ҳудудига кириш ҳуқуқидан маҳрум этилади.
Техас бош прокурори Кен Пакстон суднинг мазкур иш бўйича қарори штатда сайловлар хавфсизлигига бўлган жиддий эътиборни кўрсатишини қайд этди.
Судланувчининг адвокати Кларк Бердсэлл, ўз навбатида, қарор жуда шафқатсиз эканлигини таъкидлади. «Ортега олтинчи синфгача таълим олган. Овоз бериш ноқонунийлигидан хабардор бўлмаган», — деди ҳимоячи.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)