Гана ҳукумати президент қароргоҳида 200 дан ортиқ автомобиль йўқолганини аниқлади, дея хабар бермоқда «Мотор». Cityfmonline’нинг ёзишича, мамлакатнинг янги раҳбари Нане Акуфо-Аддо 10 йил аввалги BMW’дан расмий автомобиль сифатида фойдаланишга мажбур бўлган.
Ганада янги президент ўз лавозимини бажаришга киришгач, 2017 йил бошида ўтказилган текширув давлат раҳбарининг қароргоҳи автопаркидан 218 та машина йўқолганини аниқлади.
Акуфо-Аддонинг матбуот котиби гаражда ҳисобга олинган 196 Toyota Land Cruiser’дан фақатгина 74 таси, 73 та Toyota Land Cruiser Prado’дан 20 таси, 24 Mercedes’дан 11 та, 28 Toyota Avalon’дан иккита ҳамда олтита BMW’дан ҳам иккитаси қолганини маълум қилди.
Янги ҳукуматнинг фикрича, йўқолган автомобиллар эски маъмурият таркибида бўлган мансабдорларнинг ихтиёрида қолиб кетган.
Айни вақтда, собиқ алоқа вазири Томас Наадининг таъкидлашича, янги ҳукумат шу йўл билан янги автомобиллар сотиб олиш борасидаги ниятини оқлашга уринмоқда.
Аввалроқ Акуфо-Аддонинг матбуот котиби президент гаражида 300 дан зиёд машина бўлиши кераклигини билдирган, бироқ улар айнан нима учун қўлланилишига ойдинлик киритмаган эди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)