Урганчда аҳолини табиий ва ис газидан заҳарланишдан асраш, газдан чақнаш ва ёнғин оқибатларини бартараф этишда авария тиклаш тузилмаларининг тегишли хизматлар билан ҳамкорликдаги ҳаракатлари мавзусида махсус-тактик ўқув машқи бўлиб ўтди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Тадбирда газ таъминоти мутахассислари, вилоят ички ишлар, фавқулодда вазиятлар, соғлиқни сақлаш бошқармалари вакиллари, ОАВ ходимлари иштирок этди.
«Урганчшаҳаргаз» корхонаси биноси ҳудудида шартли равишда фавқулодда авария ҳолати юзага келгани ҳақида маълумот берилгач, фуқаро муҳофазаси тузилмалари ва вилоят, шаҳар фавқулодда вазиятлар давлат тизими хизматларининг содир бўлган фавқулодда вазиятни бартараф этишга бўлган тайёргарлик ҳолати текширилди.
Ёнғин пайтида маъмурий бино ичидаги ходимлар, моддий бойликларни хавфсиз жойга кўчириш, ёнғин кенгайишига йўл қўймаслик каби тадбирлар амалга оширилди.
Шу куни Урганч шаҳридаги 67-иситиш қозонхонасида табиий ва ис газидан заҳарланиш билан боғлиқ содир бўлган шартли равишдаги фавқулодда вазият қутқарув гуруҳи томонидан бартараф этилди. Уч ишчи қутқарилиб, уларга биринчи тиббий ёрдам кўрсатилди.
Махсус-тактик ўқув машқи ниҳоясида йўл қўйилган камчиликлар юзасидан фикр алмашилди, табиий ва ис гази билан боғлиқ фавқулодда вазиятлар бўйича аҳоли хабардорлиги ҳамда билимини янада ошириш лозимлиги таъкидланди.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’» (@toshqindaryo)га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)