Ўзбекистон миллий терма жамоаси аъзоси Сервер Жепаров олдиндаги 6 ой давомида «Фулад Сепахон» таркибида тўп суради. Бу ҳақда ЎФФ матбуот хизмати хабар берди.
Теҳроннинг «Истиқлол» клуби билан 1,5 йиллик шартнома имзолаган Жепаровни форс клуби рўйхатдан ўтказа олмади. Жамоа 2016 йилги мавсум ўз сафида тўп сурган германиялик футболчига маошини тўлиқ бермагани учун ФИФА томонидан жазолангани бунга сабаб бўлди.
«Истиқлол» Жепаровнинг ўйин амалиётисиз қолиб кетиши мумкинлигини ҳисобга олиб, уни ўзига рақиб бўлса-да, «Фулад Сепахон» клубига ижарага берди. ФИФАнинг жазо муддати ёзги трансфер вақтида якунига етади ҳамда Жепаров 500 минг долларлик шартномасида давом этиб, Теҳрон клубига қайтиб келади.
«Championat.asia» нашри маълумотига кўра, «Фулад Сепахон» таркибида Жепаровдан ташқари яна икки легионер футболчи бор: бразилиялик Ли Оливейра ҳамда малилик Мусса Кулибали. Бу борада ўзбекистонлик футболчи осиёлик легионер лимитини тўлдирган.Эрон Про лигасининг 19-туридан кейин «Фулад Сепахон» клуби турнир жадвалида 6-ўринни эгаллаб турибди ва пешқадам «Персиполис»дан 16 очко ортда қолмоқда.
Аввалроқ Сервер Жепаровнинг амалдаги чемпион ҳисобланган «Истиқлол Хузистон» клубида тўп суриши ҳақида хабар чиққанди, бироқ у ўзини оқламади.
«Фулад Сепахон»ни айни вақтда Абдуллоҳ Вейси мураббий сифатида бошқармоқда. Айнан шу мутахассис ўтган мавсум «Истиқлол Хузистон» клубини мамлакат чемпионлиги сари етаклаб келгани айтилган. Бироқ нима сабабдан чемпион жамоадан кетиб қолганига ойдинлик киритилмаган. «Истиқлол Хузистон» Осиё Чемпионлар лигасида тўп суради, Жепаровнинг янги жамоаси эса халқаро майдонда иштирок этаётгани йўқ.
Маълумот учун, «Фулад Сепахон» уй учрашувларини 75 минг томошабинга мўлжалланган «Нақши жаҳон» стадионида ўтказади.
Изоҳ (0)