Ўзбекистонлик ҳужумчи Баҳодир Насимов фаолиятини Жанубий Кореяда давом эттиради, деб ёзди «Championat.asia» нашри.
Футболчи Кей лигада эмас, балки ундан кейинги ўринда турувчи лигада — «Ансан Гринерс» сафида тўп суради. Мазкур лигада жами 10 та жамоа бор.
Аввалроқ Баҳодир Насимовнинг Жанубий Кореяда бўлиб тургани маълум қилинганди. Кўрик давомида «Ансан Гринерс» ўзбекистонлик ҳужумчини ўртоқлик ўйинида майдонга туширган. 4:0 ҳисоби билан якунига етган беллашувда Насимов дубл қайд этишга муваффақ бўлган. Натижада кореяликлар футболчига 2 йиллик шартнома таклиф қилишни лозим топган.
Насимов фаолияти давомида Самарқанднинг «Динамо», Қозоннинг «Рубин», Бокунинг «Нефтчи», Эроннинг «Падидеҳ» клубларида ҳам ўйнаган. У 2016 йилги мавсумни «Бунёдкор»да ўтказиб, 26 беллашувда 8 та гол уришга муваффақ бўлганди.
Жанубий Корея Кей лигасида бунга қадар Тимур Кападзе, Сервер Жепаров, Александр Гейнрих каби футболчилар ўйнаган. Улар орасидан фақатгина Сервер Жепаровга Жанубий Корея чемпионлигини нишонлаш насиб қилган.