Россия армиясининг аскарлар дам оладиган хоналари юқори тезликдаги интернет ҳамда мультимедиа техник воситалари билан жиҳозланиб, хизматдаги аскар ва зобитларнинг дам олиши ва мазмунли вақт ўтказиши таъминланади. Бу ҳақда мамлакат мудофаа вазири армия генерали Сергей Шойгу Ростов вилоятига уюштирган инспекцион сафари чоғида кўрсатма берди, деб хабар қилади «Российская газета».
«Ҳарбийларнинг дам олиш жойларини ташкил этишда стандартлар ва ёндашувларни ўзгартириш, расмиятчиликдан қочиш зарур. Бу ерда энг янги технологик воситалар бўлиб, улар электрон кутубхоналардан фойдаланиш, аскарлар ва сержантларга қариндошлари ва яқинлари билан интернет-трансляция орқали боғланиш имкониятини бериши лозим», — маълум қилди Шойгу.
Унинг сўзларига қараганда, ҳарбий хизматчиларнинг дам олиши хилма-хил ва янгиликларга бой бўлиши даркор. Шунга қарамай, ҳордиқ чиқариш услублари қисмларнинг ҳарбий тайёргарлик даражасига салбий таъсир ўтказмаслиги лозим.