Ўзбекистон тўртта қўшни мамлакат билан давлат чегарасини делимитация ва демаркация қилиш бўйича ишларни тезлаштиради. 2017−2021 йилларда мамлакатни янада ривожлантириш бўйича ҳаракатлар стратегияси тўғрисидаги Президент фармони лойиҳасида ушбу масала ҳам кўзда тутилган, деб хабар қилади «Газета.uz».
Ҳужжат лойиҳасида мутасадди вазирлик ва маҳкамаларга йилнинг биринчи чорагида давлат чегараларини делимитация ва демаркация қилиш бўйича режани ишлаб чиқиш вазифаси топширилган.
Унда давлат чегарасининг Ўзбекистон–Қирғизистон ўртасидаги келишилмаган қисмини ҳуқуқий расмийлаштириш жараёнини тезлаштириб, чегара тўғрисидаги шартнома имзоланишига етиб келиш белгиланган.
Сирдарё, Жиззах, Навоий вилоятлари ҳамда Қорақалпоғистон Республикаси участкаларида Қозоғистон Республикасининг Жанубий Қозоғистон, Қизилўрда, Актюбинск ва Манғистов вилоятлари билан туташ участкалари бўйича Қозоғистон билан Давлат чегарасини демаркация қилиш бўйича музокараларни давом эттириш кўзда тутилган.
Бундан ташқари, Тожикистон ва Туркманистон билан ҳам давлат чегарасининг келишилмаган қисмларини ҳуқуқий расмийлаштириш тўғрисидаги музокаралар ҳам қайта тикланиши лозим.