Миср олий суди мамлакатнинг одамлар истиқомат қилмайдиган Тирон ва Санофир оролларини Саудия Арабистонига беришдан бош тортди. Бу ҳақда «Интерфакс» хабар бермоқда.
Ҳукумат томонидан таклиф этилган лойиҳа Қизил денгизда жойлашган ушбу оролларни Саудияга ўтказишни кўзда тутар эди. Аммо, суд қарорида айтилишича, ҳукумат ороллар ҳар доим Саудияга тегишли бўлганини исботловчи етарли далиллар келтира олмади.
Ҳукумат вакилларининг фикрича, 1950 йили Миср назорати остига ўтган оролларнинг Саудия Арабистонига ўтказилиши мамлакат иқтисодиётига фойда келтиради. Аммо бунга жавобан минглаб одамлар норозилик ифодаси сифатида Қоҳира кўчаларига чиқди.