БМТ агентликлари Орол бўйидаги экологик инқироз оқибатларини камайтириш бўйича қўшма дастурни ишга туширмоқда. Бу ҳақда «Дарё»га БМТ агентликлари вакили маълум қилди.
БМТнинг инсон хавфсизлиги Мақсадли фонди томонидан молиялаштирилаётган ва БМТнинг агентликлари амалга ошираётган «Оролбўйи минтақаси учун Инсон хавфсизлиги бўйича кўпшериклик фондини ташкил қилиш орқали Орол фожиасидан зарар кўрган аҳолининг турмуш шароити салоҳиятини мустаҳкамлаш» қўшма дастур уч йил мобайнида учта намунали туманларида иқтисодий, ижтимоий ва экологик хавфсизликни яхшилашга кўмаклашади. Мазкур фонд ҳисобига Қорақалпоғистонда илгари, 2012–2016 йилларда амалга оширилган ташаббуслар тажрибасидан келиб чиққан ҳолда, Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши янги Қўшма дастурни амалга ошириш учун энг катта экологик хатар ҳудудида жойлашган ва аҳолиси 123 минг нафардан кўпроқ бўлган Мўйноқ, Тахтакўпир ва Шуманай туманларини намунали ҳудудлар деб белгилашни тавсия қилди.
Шу кунларда маҳаллий аҳоли учун таништирув семинарлари орқали фермерлар, қишлоқ фуқаролари йиғинлари фаоллари, турли тузилмалар ва идоралар вакиллари ҳамда хусусий тадбиркорлар иштирокида дастурни жойларда ишга тушириш жараёни амалга оширилмоқда.
Семинар қатнашчиларига Инсон хавфсизлиги концепциясига мувофиқ ишнинг энг муҳим жиҳатлари, уни Орол денгизи қуришининг салбий таъсири энг кўп сезилаётган Қорақалпағистонда қўлланиши истиқболлари ҳақида ахборот берилмоқда. Муҳокамалар жараёнида ҳар бир туман учун ўзига хос «муаммолар шажараси»ни шакллантира бориб, намунали ҳудудларда экологик вазият оқибатида юзага келган асосий муаммоларни аниқлаш учун маҳаллий аҳоли билан интерфаол мунозаралар ҳам олиб борилмоқда. Шундай қилиб, келгусида, ҳудуддаги мураккаб экологик шароитларни инобатга олган ҳолда, инсон хавфсизлиги Концепцияси доирасида жойлардаги ривожланиш режалари ишлаб чиқилади.
Шунингдек, БМТ қўшма дастурининг муҳим мақсадларидан яна бири — Оролбўйи минтақасида барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, экологик мувозанатни сақлаш, флора ва фаунани тиклаш учун Кўпҳамкорлик фондини тузишда кўмаклашишдан иборатдир.
Изоҳ (0)