Ўзбекистон Республикаси ташқи ишлар вазири Абдулазиз Камилов 9 январь куни Тошкентда Афғонистон Ислом Республикаси ташқи ишлар вазири ўринбосари Ҳикмат Ҳалил Карзай билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
Мулоқот чоғида томонлар ўзаро ҳамкорликни янги босқичга кўтаришдан манфаатдор экани таъкидланди. Икки томонлама алоқаларнинг бугунги ҳолати ва истиқболи юзасидан фикр алмашилди.
Ўзбекистон Афғонистондаги қурилиш, энергетика, тоғ-кон саноати ва таълим соҳаларидаги лойиҳаларда иштирок этиб келмоқда. «Ўзбекистон темир йўллари» акциядорлик жамияти томонидан Ҳайратондан Мозори Шарифгача темир йўл линияси қурилган. Ўзбекистон кўмаги билан Афғонистонда кўприклар, юқори вольтли электр линиялари, оптик толали кабел линиялари, сув таъминоти тармоғи барпо этилган. Мамлакатлар ўртасидаги ҳамкорликни янада ривожлантириш учун ҳали фойдаланилмаган имкониятлар кўп.
Учрашувдан сўнг Ўзбекистон–Афғонистон сиёсий маслаҳатлашувларининг биринчи раунди бўлиб ўтди.
Тадбирда икки ўртадаги сиёсий, савдо-иқтисодий, транспорт коммуникациялари, маданий-гуманитар каби соҳалардаги алоқаларни ривожлантириш, шунингдек, халқаро ташкилотлар доирасидаги ҳамкорлик, минтақавий ва халқаро аҳамиятга молик долзарб масалалар муҳокама қилинди.
Афғонистон делегацияси Ўзбекистон Республикаси Ташқи иқтисодий алоқалар, инвестициялар ва савдо вазирлигида ҳам музокара ўтказди.
Изоҳ (0)