Халқаро космик станция экипажи аъзолари — америкалик астронавтлар Роберт Шэйн Кимбро ва Пегги Уитсон жорий йил ҳисобига очиқ фазога биринчи маротаба чиқишларида станция ташқи юзасига учта янги литий-ионли аккумулятор батареяларини ўрнатди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар бермоқда.
Батареялар станцияга 13 декабрь куни Япониянинг H-II Transfer Vehicle (HTV) транспорт фазо кемаси билан етказилган ҳамда Dextre дистанцион манипулятори ёрдамида ўрнатиладиган жойларига олдиндан олиб борилган эди.
10 йил ишлаб берган эски никель-водород батареялари уйқу режимига ўтказилди.
Астронавтлар ишни режадагидан бир соат олдинроқ битираётгани боис Хьюстондаги бошқарув маркази уларга икки қўшимча топшириқ берди. Пегги Уитсон носозлик кузатилган ёритиш ускуналаридан бирини ечиб олиши, Роберт Шэйн Кимбро эса 2011 йили станцияга етказилган альфа-спектрометрни суратга олиши лозим.
Шэйн Кимбронинг Европа космик агентлиги астронавти Том Песке билан бирга иккинчи марта очиқ фазога чиқиши 13 январга мўлжалланган.
Изоҳ (0)