Канадалик Ольга Бено исмли аёл 27 йил давомида тушига кирган рақамлар комбинациясини лотерея ўйинларида қўллаб келди ва ниҳоят 2016 йилнинг 28 декабрида 5,3 миллион Канада доллари (4 миллион АҚШ доллари атрофида) ютиб олди. Бу тушни у 1989 йили кўрган эди, деб хабар беради TJournal.
Бено хонимнинг ҳикоя қилишича, 1989 йили унинг тушига бир қанча рақамлар кирган. Буни эслаб қолган аёл қандайдир сабабга кўра улардан лотереяда фойдаланишга қарор қилган. Ўшандан буён у 27 йил давомида лотерея чипталарини харид қилиб, бир хил рақамларни тўлдириб бораверган.
Ғолиб бўлган куни Ольга Бено телевизор орқали лотерея ўйинини кўриб борган, аммо экранда акс этган сонларга эътибор бермаган. Эртасига эса у синглиси билан газетани кўриб чиқиб, ана шундагина ўзи ғолиб бўлганини тушунган.
Ўн йил муқаддам Ольга Бено саратонга чалингани аниқланган эди. Даволаниш учун у ўз уйини сотиб, ижарага кўчишга мажбур бўлган эди. Эндиликда аёл ютуқ пулига уй сотиб олишни режалаштирмоқда.
Изоҳ (0)