Футзал бўйича Ўзбекистон терма жамоасининг етакчи ўйинчиларидан бири Дилшод Раҳматов фаолиятини Хитойда давом эттиради. Бу ҳақда «Championat.asia» сайти маълумот берди.
Хитой лигасида пешқадам бўлиб турган «Далян Пуван Анбо» клуби Дилшод Раҳматов билан 1 йиллик шартномага имзо чеккан. Футзалчининг фаолияти рисоладагидек бўлса, шартнома яна 1 йилга узайтирилиши мумкин.
Маълумот учун, «Далян Пуван Анбо» Хитой чемпионатининг амалдаги вице-чемпиони ҳисобланади. Мамлакат футзал лигасида 10 та жамоа чемпионлик учун кураш олиб боради.
27 ёшли Дилшод Раҳматов аввал ҳам Хитой чемпионатида тўп сурган. Сўнгги жамоаси Тошкентнинг «Ардус» клуби бўлган футзалчи, унга қадар «Гансу Масрей» сафида ҳам ҳаракат қилган. Бироқ Ўзбекистон терма жамоасининг Осиё Чемпионати ва шу йўл орқали Жаҳон Чемпионатига тайёргарлик кўриши инобатга олиниб, Ўзбекистонга чақириб олинганди.
Изоҳ (0)