Россиянинг «Биринчи» телеканали 12 йилдан буён хоккей бўйича кейинчалик шу канал номи билан юритиладиган (2010 йилдан) кубок мусобақасини трансляция қилиб келарди. Бу ҳақда телеканалнинг Facebook саҳифасида маълумот берилган.
Мусобақанинг 2016 йилги мавсумида Россия, Чехия, Финляндия, Швеция каби терма жамоалар иштирок этаётган бўлиб, «Биринчи канал» улар иштирокидаги беллашувларни трансляция қилишни режалаштирганди. Бироқ канал турнир давом этаётган бир вақтда ўзи ўтказадиган мусобақани олиб кўрсатишдан воз кечди. Мазкур ҳолат телеканал матбуот хизмати томонидан қуйидагича тушунтирилди:
«Биз хоккей бўйича ‘Биринчи канал’ Кубогини трансляция қилмасликка мажбур бўлдик. Ўлчовлар кўрсатдики, спорт трансляциялари вақтида телеканал аудиторияси камайиб кетади. TNS ҳисоботига кўра, кечаги учрашув 6,3 фоизлик кўрсаткич билан томоша қилинган. Ваҳоланки бу вақтда (19:00 — 21:00) телеканални одатий режимда жуда катта аудитория кузатиб борарди».
«Телеканал бюджет томонидан молиялаштирилмайди. У ўзини реклама орқали боқади, шу боисдан ҳам тижорат талабларини четга суриб қўя олмаймиз».
«Биринчи канал» ўзининг хоккей ривожига қўшган ҳиссаси, мамлакатда бу спорт турига қизиқиш камайиб кетганида ҳам, унинг транслияцияларини амалга оширгани ҳақида тушунтирган. Якунда эса «Биринчи канал» Кубогини трансляция қилиш ҳуқуқини «Матч-ТВ» телеканалига тақдим этгани ҳақида баён қилган.
Блогер Максим Александров мазкур воқеа юзасидан «Sport.ru»даги саҳифасида танқидий мақола чоп этди. У ўз чиқишида «Биринчи канал»ни аёвсиз танқид қилди.
«‘Биринчи’ ўз номи билан юритиладиган турнирни кўрсатишдан бош тортди. Ажойиб, шундай эмасми? Агар бу ҳолат мусобақа бошлангунига қадар ёки кейинроқ бўлганида, тушунардим. Бироқ бунинг мусобақа давом этаётган бир пайтда бўлиши жиддий иш эмас, мантиққа тўғри келмайди, профессионалликдан узоқ. Бошқачароқ айтганда, шунчаки колхоз», — деб фикр билдирган блогер.
«Томошабинларга муносабатдан яна нима муҳим бўлиши мумкин? Умуман бу канал футбол ва хоккей трансляциялари вақтида мамлакат мадҳиясини қўймасликка ёки кесиб ташлашга одатланганди. Ёки умуман 5-10 дақиқалик кечикиш билан трансляцияни бошларди. Тўғри, куёв ўзига келин қидириб юрган ва асосан уй бекалари томоша қиладиган лойиҳалар мамлакат учун муҳимроқ!», — деб кесатилган жумлаларни учратиш мумкин мақолада.
Блогер фикрига кўра, «Биринчи канал» Малахов олиб борадиган ёки умуман интригага сабаб бўладиган, оилаларнинг бузилиб кетиши, кимнингдир кимгадир хиёнат қилиши ҳақидаги кўрсатувлар билан ўралашиб қолган. Уларда узилиш ёки кечикиш бўлиши мумкин эмас, бироқ мамлакат мадҳиясини бемалол кесиб ташласа ҳам бўлаверади.
Маълумот учун, ЎзМТРКнинг «Спорт» телеканали ҳам реклама сабабли Ўзбекистон мадҳиясининг ярмидан кўпини кесиб юборган ҳолат кузатилганди. Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоаси иштирокидаги ўйинни телевизор орқали томоша қилганлар футболчилар мадҳияни қандай айтаётганини кўра олмай қолганди.
Изоҳ (0)