14 декабрь куни «Туркистон» саройида «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони совриндорларини тантанали тақдирлаш маросими бўлиб ўтди. Бу ҳақда «Дарё»га «Камолот» ЁИҲ матбуот хизмати маълум қилди.
Тадбирда вазирлик, идора ва муассасаларнинг раҳбарлари, жамоат ташкилотлари вакиллари, «Камолот» етакчилари ва фаоллари, «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони совриндорлари ҳамда ОАВ вакиллари иштирок этди.
Ушбу кўкрак нишонига номзодлар «Камолот» ёшлар ижтимоий ҳаракатининг қуйи ташкилотлари ва жамоатчилик томонидан тақдим этилиб, совриндорларга мукофот Ҳаракат Марказий Кенгашининг қарори асосида берилади.
2003 йилдан буён «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони билан мукофотланган ёшлар сони 457 нафарни ташкил этди.
Жорий йилда илм-фан, маданият, санъат, таълим, соғлиқни сақлаш, журналистика, спорт, қишлоқ хўжалиги, кичик бизнес, ҳуқуқ ва ҳарбий соҳаларда ўқиётган, ишлаётган ҳамда илмий-ижодий фаолият билан шуғулланиб, юксак натижаларга эришаётган 50 нафар ёшларга «Ўзбекистон белгиси» кўкрак нишони топширилади.
Тантанали маросим олдидан совриндорлар Мустақиллик майдонидаги «Мустақиллик ва эзгулик» монументи пойига гулчамбар қўйди.
Тадбир ёш ижрочилар ва санъат усталари иштирокидаги концерт дастури билан якунланди.