2016–2017 йилларда Самарқанд вилоятида 15 та маданий мерос объектлари қайта тикланади ёки таъмирланади, шунингдек, уларнинг атрофидаги ҳудудлар ободонлаштирилади. Бу ҳақда «Ўзбектуризм» миллий компаниясига таянган ҳолда «Газета.uz» хабар бермоқда.
Шу пайтга қадар 10 та маданий мерос объекти, шу жумладан, «Афросиёб» музейи реставрацияси ва қайта тиклаш ишлари якунига етди.
Бундан ташқари, Руҳобод масжиди деворлари мустаҳкамланди, Махдуми Хоразмий масжидининг ички қисмида таъмирлаш ишлари ўтказилди, Ғиштли масжиднинг ички деворлари ҳамда томининг ташқи ва ички юзалари таъмирланди.
Ургут туманидаги зиёратгоҳларда санитария-гигиена узеллари қурилди, 2 километрлик йўл таъмирланди, ресторанлар ва замонавий ҳордиқ чиқариш жойлари қад кўтарди.
Нуробод туманида Ҳазрати Довуд ғори тўлиқ қайта тикланди ва ободонлаштирилди, туристларга хизмат кўрсатувчи янги объектлар қурилди.
Туристик объектларни симсиз интернет билан таъминлаш ишлари давом этмоқда. Аэропорт ва вокзалда, шунингдек, Регистон мажмуасида бепул Wi-Fi тармоқлари ишлаб турибди.
Изоҳ (0)