21 ноябрь куни Марказий сайлов комиссиясида Қозоғистон элчиси Ерик Утембаев билан учрашув бўлиб ўтди. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси ҳукумат порталида маълум қилинди.
Марказий сайлов комиссияси Раиси М. Абдусаломов элчини Марказий сайлов комиссияси, округ ва участка сайлов комиссиялари томонидан шу йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Президенти сайловига тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш бўйича асосий тадбирлар дастури доирасида амалга оширилаётган ишлар, мамлакат сайлов қонунчилиги ва амалиётини янада такомиллаштириш мақсадида қонунчиликка киритилган сўнгги ўзгартиш ва қўшимчалар билан билан таништирди.
Учрашувда МСК сайлов жараёни очиқлиги ва ошкоралигини таъминлаш мақсадида аввалги сайловларда бўлгани каби халқаро ташкилотлар, хорижий давлатлар, шу жумладан, Қозоғистондан кузатувчиларни таклиф этгани таъкидланди.
Мулоқот чоғида икки мамлакат сайлов органлари ўртасида ҳамкорликни ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратилди. Қайд этилганидек, Ўзбекистон МСК вакиллари Қозоғистондаги парламент ва президент сайловларида МДҲ ҳамда ШҲТ кузатувчилар миссиялари таркибида бир неча марта иштирок этган. Ўз навбатида, Қозоғистон МСК, фуқаролик жамияти институтлари, ОАВ вакиллари Ўзбекистондаги сайловларни кузатишда мунтазам қатнашиб келади.
Учрашувда томонларни қизиқтирган бошқа масалалар юзасидан ҳам ўзаро фикр алмашилди.
Изоҳ (0)