2016 йилги мавсумни Қаршининг «Насаф» клубида бошлаган Артур Геворкян, давралар оралиғида Тошкентнинг «Локомотив» клуби сафига келиб қўшилди. Бу эса унга Ўзбекистон футболидаги барча совринга эга бўлиб олиш имконини берди.
«Championat.asia» нашрида эълон қилинган мақолада туркманистонлик бўлган Артур Геворкян 10 йилдан буён Ўзбекистон чемпионатида тўп сураётгани қайд этилган ва у қўлга киритган совринлар санаб ўтилган.
Ўзбекистондаги фаолияти давомида у «Шўртан», «Пахтакор», «Насаф» ва «Локомотив» либосларида ҳаракат қилди. «Насаф» билан бир марта кумуш, уч марта бронза медалларини қўлга киритди. 2015 йилга келиб эса Ўзбекистон Кубогида зафар қучди. 2016 йилги мавсумни мамлакат Суперкубогини қўлга киритиш билан бошлади. Ва ниҳоят «Локомотив» сафида олтин медалга эга чиқди. Қайд этиш керак, Ўзбекистон клубларининг халқаро майдондаги ягона ғалабаси — ОФК Кубоги бош совринини ҳам жамоа сардори сифатида Артур Геворкян кўтарганди.
2014 йил туркманистонлик футболчи Ўзбекистон чемпионатининг энг яхши футболчиси учун совринни қабул қилиб олди. 2013 ва 2014 йилларда мамлакатдаги энг яхши хорижлик футболчи сифатида тан олинди. 2014 йил Олий Лига тўпурарлигини қўлга киритди.
Артур Геворкян Геннадий Красницкий номли футболчилар клубига ҳам аъзо ҳисобланади. Бу клубга кириш учун футболчи 100 дан зиёд голга муаллифлик қилиши керак. Геворкян эса 10 ичида бунга эришди.
Маълумот учун, Артур Геворкян 1984 йилнинг 22 ноябрь куни Туркманистон пойтахти Ашхободда дунёга келган.
Аввалроқ Ўзбекистоннинг бир эмас, икки клуби билан чемпионликни қўлга киритган ягона легионер футболчи Гочқули Гочқулиев экани ҳақида маълумот берилганди. «Пахтакор» ва «Бунёдкор» клубларида тўп тепган бу футболчи ҳам Туркманистондандир.
Изоҳ (0)