Биласизми? Ўзбекистонлик футболчи Греция таркибида Евро—2004 чемпиони бўлган, деб ёзди «Стадион» нашри Қозоғистоннинг «Sports.kz»ига асосланиб. Бунга исбот тариқасида Димитрис Пападопулос билан интервью ҳам келтириб ўтилган.
Футболчи бир неча бор Қозоғистонда туғилганини қайд этган бўлса-да, Wikipedia унинг Ўзбекистонда таваллуд топганини кўрсатади. Бу ҳолат қозоғистонлик журналистлар эътиборидан четда қолиб кетмади.
«Икки давлат ўртасида туғилганман — деб гап бошлади Пападопулос. — Бироқ мен таваллуд топган Гагарин Ўзбекистон ҳудудида эди. Синглим ва укам туғилган нуқта эса Қозоғистон томонида бўлган. Оилам ҳам Қозоғистонда истиқомат қиларди. Шунинг учун мен ҳам Қозоғистонда улғайдим».
Димитрис 7 ёшида оилавий Грецияга кўчиб кетганликлари ҳақида сўзлаб берган. Улар Ўрта Осиёда яшайдиган греклар билан поездда бир ҳафта йўл босиб ўтган.
«Футболнинг дастлабки асрорларини Гагаринда ўргандим. Шу ернинг футбол жамоасида тўп сурганман», — деб айтиб ўтди келиб чиқиши ўзбекистонлик бўлган футболчи. — «Отам ‘Пахтакор’га мухлислик қилган. Василис Хадзипанагиснинг ишқибози бўлган».
Маълумот учун, Димитрис Пападопулос ўз вақтида Англиянинг «Бёрнли», Италиянинг «Лечче», Испаниянинг «Сельта», Загребнинг «Динамо» клубларида, шунингдек, Грециянинг «ПАОК» ва «Панатинаикос» жамоаларида тўп сурган.
2004 йил Димитрис Пападопулос учун омадли келиб, у Греция сафида Европа чемпионлигини қўлга киритди. «Панатинаикос»да Греция чемпионлиги ва кубоги соҳиби бўлди. Мамлакат тўпурарлигига эришди.
Изоҳ (0)