Футбол бўйича Ўзбекистон миллий терма жамоасининг Сеулга чартер рейс билан учиб боргани Жанубий Корея Футбол Ассоциацияси ва маҳаллий ОАВни лол қолдирди, деб ёзди «Стадион» нашри. Мазкур хабар Жанубий Корея нашрларини кузатиб борувчи Отабек Йўлдошев томонидан тайёрланган.
Жумладан, Sports Kyonghyang ва Newsis нашрларида шундай жумлаларни учратиш мумкин: «Ўзбекистон терма жамоаси биз билан ўйнаш учун кўп нарса тикмоқда. Масалан, улар бугун маҳаллий вақт билан 18:30 да етиб келишди. Чартер рейс билан келганликлари эса ҳайратланарли. Иқтисодий томондан бой бўлмаган терманинг чартер рейсда юриши чиндан ҳам янгилик».
«Ўзбекистон ҳозирга қадар мундиалда иштирок этмаган. Бу сафар имконият анча яхши. Бизни енгишни уддалашса, улар 1-ўринга чиқиб олишлари ҳам мумкин. Умуман олганда Ўзбекистон учун дуранг ҳам қониқарли натижа».
Мазкур нашрларни ўқиб, Жанубий Корея футболи тепасида турган кишилар ҳам Ўзбекистон термасининг чартер рейсидан ҳайратда эканини тушуниш мумкин. «Ўзбекистон термасининг чартер рейсда учиб келишини илк марта кўряпмиз. Оддий рейслар туриб, чартер рейсда учиб келгани ҳам ўйинни жуда муҳим ҳисоблаётганидан дарак бериб турибди», — деб маҳаллий нашрлар футбол расмийларининг фикридан иқтибос келтирган.
Маълумот учун, Ўзбекистон терма жамоаси ва клубларининг чартер рейс буюртма қилиши янгилик эмас. Улар бунга қадар тўғридан-тўғри рейси йўқ мамлакатлар учун чартер рейслардан фойдаланган. Бу сафар эса Тошкент—Сеул йўналиши бўлса-да, ўзбекистонлик футболчилар чартер рейсдан фойдаланди.
Жанубий Корея ва Ўзбекистон ўйини 15 ноябрь куни Тошкент вақти билан 16:00 да старт олади.
Изоҳ (0)