Ўзбекистон Халқ демократик партиясидан Ўзбекистон Президентлигига номзод Ҳотамжон Кетмонов 8 ноябрь куни Қорақалпоғистон Республикаси сайловчилари билан учрашди. Бу ҳақда ЎзА хабар берди.
Видеоконференция тарзида ташкил этилган учрашувни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутати А. Қирғизбоев очди. Президентликка номзоднинг ишончли вакили Х. Ешимбетов йиғилганларни номзоднинг таржимаи ҳоли билан таништирди. Шундан сўнг Ҳотамжон Кетмонов ўз сайловолди дастури юзасидан нутқ сўзлади.
Ҳотамжон Кетмонов мустақиллик йилларида Биринчи Президент раҳнамолигида амалга оширилган кенг кўламли ислоҳотлар самарасида Қорақалпоғистон Республикаси саноати изчил ривожланаётган ҳудудга айлангани, хусусан, Қўнғирот сода заводи, Устюрт нефть-газ кимё мажмуаси, Хўжайли шиша заводи, Қўнғирот карбид, Нукус мармар ва кабель заводлари каби замонавий ишлаб чиқариш объектлари ишга туширилгани мамлакат иқтисодий тараққиётида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.
Номзод ўзининг сайловолди дастурида миллий манфаатларга содиқлик, мустақилликни янада мустаҳкамлаш, юрт тинчлигини таъминлаш ва халқ фаровонлигини юксалтириш, фуқаролар ва миллатлараро ҳамжиҳатлик, ижтимоий барқарорликни сақлаш орқали Ўзбекистоннинг бош стратегик мақсади — ривожланган демократик давлатлар қаторига қўшилиш, жаҳон ҳамжамиятида муносиб ўрин эгаллашга қаратилган эзгу мақсадлар мужассамлигини қайд этди.
Дастурда қишлоқ врачлик пунктлари тармоғини кенгайтириш, имтиёзли ва бепул малакали тиббий-санитария хизмати кўрсатилишини тартибга солувчи қонун ва ҳужжатлар ижроси устидан тизимли назоратни кучайтириш, фармацевтика корхоналари ва дорихона муассасалари фаолияти ҳамда дори-дармон воситалари нархи устидан давлат ва жамоатчилик назоратини мустаҳкамлаш, дори воситалари рекламасини чеклаш каби муҳим вазифаларга ҳам алоҳида эътибор қаратилган.
Учрашувда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесидаги Ўзбекистон Халқ демократик партияси фракцияси раҳбари, Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали директори Е. Тўрениёзов, «Қорақалпоғистон овози» газетаси бош муҳаррири Ш. Аяпов, Хўжайли туманидаги 70-умумтаълим мактаби директори А. Ўринбоева, Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети магистранти, Ўзбекистон Республикаси Президенти Давлат стипендияси соҳибаси Г. Сейтназарова ва бошқалар номзоднинг сайловолди дастури хусусида фикр билдириб, сайловга тайёргарлик жараёни миллий қонунчилик ва умумэътироф этилган халқаро нормаларга мувофиқ ўтаётганини таъкидлади. Улар сайловчиларни 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтадиган Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида фаол иштирок этишга чақирди.
Изоҳ (0)