Осиё футбол конфедерацияси Тартиб-интизом қўмитаси ўсмирлар ўртасидаги Осиё чемпионати гуруҳ босқичи 3-тур доирасида кечган Ўзбекистон – КХДР (3:1) учрашувида юзага келган вазият борасидаги қарорини эълон қилди, деб хабар бермоқда ЎФФ матбуот хизмати.
Ўзбекистон ўсмирлар терма жамоаси дарвозабони Жасурбек Умрзоқов ўйиннинг 49-дақиқасида шерикларини олдинга бошлаш учун тўпни тепиб юборган эди. Рақиб жарима майдони томон учиб кетаётган тўпни қайтариш учун эса кореялик дарвозабон Жан Пак Хо югуриб чиқди ва тўп унинг устидан ўтиб кетди. Тўпга етиб олмоқчи бўлган посбон йиқилди ҳамда ўз дарвозасидан гол ўтказиб юборди.
Мазкур вазият ОФК комиссияси томонидан ўрганиб чиқилди ва кореялик посбон голни атайин ўтказиб юборган деб топилди.
Шундан сўнг, ОФК КХДР U-16 терма жамоаси бош мураббийи Юнг Жонг Су, дарвозабон Жан Пак Хо ҳамда Шимолий Корея футбол ассоциациясини айбдор деб топиб, қуйидаги жазоларни белгилади.- КХДР футбол ассоциацияси 20 000 доллар миқдорида жаримага тортилди ва шунга ўхшаш ҳолат U-19 Осиё чемпионати саралашида такрорланса, КХДР ёшлар терма жамоаси 2018 йилда ўтказиладиган мусобақадан бутунлай четлатилади;
- КХДР ўсмирлар терма жамоаси бош мураббийи Юнг Жонг Су 5 000 доллар миқдорида жаримага тортилди ва футболдан 12 ойга четлатилди;
- КХДР ўсмирлар терма жамоаси дарвозабони Жан Пак Хо 1 000 доллар миқдорида жаримага тортилди ва 12 ойга футболдан четлатилди.
Изоҳ (0)