Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Наримон Умаровнинг сайловчилар билан навбатдаги учрашуви 2 ноябрь куни Қашқадарё вилоятида ўтказилди. Бу ҳақда «Дарё»га партия матбуот хизмати хабар берди.
Тадбирда корхона ва ташкилотлар ишчи-ходимлари, тадбиркорлар, маҳаллалар фаоллари, жамоатчилик, партия электорати ҳамда ОАВ вакиллари қатнашди. Онлайн видеоконференция тарзида ташкил этилган тадбирда асосий залда 250 нафардан ортиқ, ҳудудлардан 1300 нафарга яқин киши иштирок этди.
Учрашувни Ўзбекистон «Адолат» СДП Қашқадарё вилояти Кенгаши раиси вазифасини вақтинчалик бажарувчи Р. Раупов олиб борди. Наримон Умаровнинг ишончли вакили, вилоят партия Кенгаши матбуот котиби Комил Сахатов йиғилганларни Президентликка номзоднинг таржимаи ҳоли билан яқиндан таништирди.
Н. Умаров қашқадарёликларга мурожаат қилар экан, айни пайтда уч миллиондан ортиқ аҳоли истиқомат қилаётган шундай бетакрор замин меҳнаткашлари ўзларининг самарали ва бунёдкорлик ишлари билан мамлакатда амалга оширилаётган кенг қамровли ислоҳотларга катта улуш кўшаётганини таъкидлади.
Номзод Қашқадарё вилояти сайловчиларига ўз сайловолди дастурининг устувор йўналишлари ҳақида сўзлаб берди.
Таъкидланганидек, иқтисодий соҳада республикада олиб борилаётган макроиқтисодий барқарорликни янада мустаҳамлаш, иқтисодий ўсиш суръатларини давом эттириш, бюджет ҳамда миллий валюта барқарорлигини таъминлаш, банк ва суғурта тизимларини мустаҳкамлаш, давлатнинг ташқи қарзи ҳаддан зиёд ошиб кетмаслигига эришиш борасидаги сиёсатни давом эттириш Президентликка номзоднинг дастуридан алоҳида ўрин эгаллаган.
Дастурда белгиланганидек, замонавий ижтимоий давлат фақат юксак ривожланган, самарали ва ижтимоий йўналтирилган иқтисодиётга асосланиб муваффақиятли фаолият кўрсатади. Бозор иқтисодиёти ва хусусий тадбиркорлик ташаббуслари эса социал-демократиянинг эркинлик, адолатлилик ва бирдамлик каби асосий қадриятларни амалга оширишда муҳим восита бўлади.
Н. Умаров вилоятнинг иқтисодий салоҳияти ҳақида тўхталар экан, ҳозирда республикада қазиб олинаётган табиий газнинг 88 фоизи, нефтнинг 92 фоизи айни шу ҳудуд ҳиссасига тўғри келаётганини қайд этди. Шундан келиб чиқиб, номзод республиканинг нефть-газ соҳасидаги йирик компанияларининг марказий бошқарув органларини вилоятнинг тегишли кичик шаҳарларига кўчириш таклифини илгари сурди. Бу унинг фикрига кўра нефть-газ соҳасидаги бошқарув тизимини оптималлаштиришга, Қашқадарё вилоятининг иқтисодий, ижтимоий ва ишлаб чиқариш инфратузилмасини яхшилашга, янги иш ўринларини яратишга ва пировардида аҳолининг турмуш фаровонлигини янада оширишга имконият яратишини таъкидлаб ўтди. Мазкур таклифни сайловчилар кўтаринки кайфиятда қабул қилди ва тўла қўллаб-қувватлади.
Наримон Умаров учрашув қатнашчиларининг кўплаб саволларига жавоб берар экан, Президент сайлови мамлакат ижтимоий-иқтисодий ҳаётида муҳим воқеа эканини, у юрт тараққиёти йўналишини белгилаб беришини таъкидлаб, Қашқадарё вилояти сайловчиларини 4 декабрь куни овоз беришда фаол қатнашишга чақирди.
Изоҳ (0)