Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Демократик институтлар ва инсон ҳуқуқлари бюроси (ДИИҲБ) муддатидан аввал ўтказилаётган Ўзбекистон Президенти сайловини кузатиш тадбирини бошлади. Бу ҳақда 2 ноябрь куни Тошкентда бўлиб ўтган тадбирда маълум қилинди.
Элчи Петер Тейлер раҳбарлик қиладиган миссия Тошкент шаҳрида 15 нафар, мамлакат бўйлаб 20 нафар узоқ муддатли кузатувчи-экспертдан иборат бўлади. Сайлов куни ЕХҲТга аъзо 21 мамлакатдан 250 нафар қисқа муддатли кузатувчиларни жалб этиш режалаштирилган.
Миссия Ўзбекистонда бўлажак сайловни ЕХҲТ мажбуриятларига, демократик сайлов ўтказишнинг халқаро стандартлари ва мажбуриятларига ҳамда миллий қонунчиликка таяниб баҳолайди.
Кузатувчилар сайлов жараёнида бўлиб ўтадиган тадбирларни, сайлов маъмурияти ва мутасадди ташкилотлар фаолиятини, қонунчиликка риоя қилиш ва сайловга тегишли зиддиятларнинг барҳам топиши жараёнини кузатади.
Кузатув давомида экспертлар сайлов тадбирлари оммавий ахборот воситалари томонидан ёритилишини ҳам кузатади.
Бундан ташқари, миссия тегишли давлат ташкилотлари, сиёсий партиялар, номзодлар, фуқаролар жамияти вакиллари, оммавий ахборот воситалари ва дипломатик ташкилотлар вакиллари билан учрашади.
Сайлов куни кузатувчилар сайлов участкаларининг очилиши, овоз бериш жараёни, бюллетенларни ҳисоблаш ва натижаларни тақдим этиш тадбирларини кузатишни режалаштирмоқда.
Миссиянинг дастлабки хулосалари сайловдан бир кун кейин, якуний ҳисоботи эса икки ойдан сўнг тақдим этилади.
Сайлов кузатуви бўйича миссия ҳамда Ўзбекистондаги ЕХҲТ лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси офиси ўзининг махсус мандатлари бўйича иш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президенти сайлови 2016 йил 4 декабрь куни бўлиб ўтади.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)