Ўзбекистонда куз етарлича иссиқ келганига қарамай, кузги зерикиш кўпчилигимиз учун таниш ҳолат. Ёз ва таътиллар ортда қолди, янги йил тантаналаригача эса ҳали етарлича муддат бор. Кунлар қисқариб, ишдан қайтишингиз билан қоронғи тушади. Қуёшли кунлар камайиб боравергани сайин зерикиш кучайиб боради.
Хўш, бундай шароитда зерикиш ва тушкунликка қарши курашиш учун қайси усулларни қўллай оламиз?
Биринчи навбатда, уйқу режимингизни қайта кўриб чиқинг. Бу даврда ўз вақтида уйқуга ётиб, вақтида уйғониш жуда муҳим! 23:00 дан кеч бўлмасдан уйқуга ётишга ҳаракат қилинг. Шунда сифатли уйқу нима эканлигини англаб етасиз, кайфиятингиз ҳам кўтарилади.
Иккинчи муҳим жиҳат — овқатланиш. Кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилиб, ҳазм қилиш учун кўп вақт талаб қилувчи ёғли таомларни камроқ тановул қилинг.
Ширинликларни ҳам минимал даражагача камайтиришни тавсия этамиз. У тушкунликка қарши курашишда ёрдам берса ҳам, кичикроқ бўлакчалар (шоколад бўлакчаси ёки битта булочка) билан кифояланган маъқул. Акс ҳолда ширинликка кўникиб қолишингиз мумкин.
Яна бир аҳамиятли жиҳат — тўғри руҳий кайфият. Куз фаслининг ажойиб қирраларини кашф этинг. Бу бетакрор хазонрезлик ёки уй ва боғ яқинидаги манзарали хиёбон бўлиши мумкин.
Уйда машғул бўлиш учун қизиқарли хобби топинг: агар одатга айланган кино кўриш ва китоб ўқиш кайфиятингизни ортиқ кўтармаётган бўлса, пазандалик, тўқиш, билагузуклар тўқиш билан шуғулланинг. Булар сизга қўшимча даромад ҳам келтириши мумкин.
Кайфият тушишини ёлғизликда ўтказмасликни тавсия этамиз. Бу ҳар доим ҳам яхши натижага олиб келавермайди. Ўз фикр, кечинма ва ҳиссиётларингизни дўстларингиз ёки яқинларингиздан бири билан бўлишинг. Сиз билан ҳамфикр кишилар қуршовида вақт ўтказиш шубҳасиз кайфиятингизни кўтаради!
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)