Дунёга машҳур қўшиқчилар Мадонна ва Жорж Майкл қўшиқлар муаллифи учун бериладиган Songwriters Hall соврини учун рақобатда бўлади. Бу ҳақда мусиқачи Жонни Мерсер томонидан 1969 йилда асос солинган ташкилот сайти хабар берди.
Мазкур ташкилот мухлислар қалбидан жой олган машҳур қўшиқчиларнинг асарларини сақлаш ва ёш ижодкорларни қўллаб-қувватлаш учун тузилган.
Номинация даъвогарлари орасида канадалик машҳур рок-мусиқачи Брайан Адамс, америкалик Винс Гилл, британиялик Кет Стивенс, «Гремми» совринини беш бор қўлга киритган Глори Эстефан, британиялик яна бир қўшиқчи-бастакор Жефф Линн, америкалик композитор Дэвид Гейтс кабиларнинг номи ҳам бор.
Шунингдек, Kool & the Gang ва Chicago каби гуруҳлар номинантлар қаторидан жой олган. Биринчи бор рўйхатда реп ижрочи пайдо бўлди — Jay Z (Шон Кори Картер).
Шу йилнинг 16 декабрига қадар мусиқа шинавандалари интернет орқали камида иккита қўшиққа овоз бериши мумкин. Ҳар йили бўлиб ўтадиган тақдирлаш маросими эса 2017 йилнинг 15 июнь куни Нью-Йорк шаҳрига тайин қилинган.
Айни вақтда шуҳрат пештахтасида 400 га яқин қўшиқлар муаллифининг номини учратиш мумкин.
Изоҳ (0)