Шинамлик деганда нимани тушунамиз? Бу сезилар-сезилмас борлиқ, интерьердаги маълум бир нарсаларнинг уйғунлиги бўлиб улар уйда ўзингизни ҳақиқатда қулай ҳис қилишингизга сабаб бўлади. Шинам уйга қайта-қайта ташриф буюргингиз, меҳмон кутиш ёки иш куни якунида иссиққина чой ичиб ҳордиқ чиқаргингиз келади. Хонадонингизга файз ва шинамликни қандай олиб киришингиз мумкин?
1-маслаҳат
Ранглар уйғунлигига эътибор қаратинг. Маълумки, ранглар инсон руҳиятига турлича таъсир кўрсатиши мумкин. Қизил ранг асаб тизимининг қўзғалишига сабаб бўлса, бинафшаранг тушкунликни келтириб чиқаради. Яхшиси сокин ранглар — оч кўк, жигарранг ёки яшилни танланг.
2-маслаҳат
Ёруғликка эътибор беринг. У етарли даражада бўлиши керак. Хона жуда ҳам қоронғи ёки жарроҳлик бўлимидаги каби жуда ёруғ бўлмаслиги учун бир неча хил ёритиш мосламаларидан фойдаланиш тавсия этилади.
3-маслаҳат
Ҳар бир хонадоннинг ўзига хос ҳиди борлигини сезганмисиз? Уйингиздан доим тоза ҳаво тарқалиши учун ҳаво алмашувчи тирқишларни мунтазам тозалаб туринг, гиламларни чангюткич билан тозаланг, пардаларни ювиб туринг.
Ёқимли ифор қўшиш учун махсус восита харид қилиш шарт эмас. Бунинг учун уйингизга бир нечта хушбўй шам ёки қаҳва доначалари солинган кўзачаларни қўйиб чиқинг.
4-маслаҳат
Шинамлик ва тартиб бутунлай бошқа-бошқа тушунчалардир. Уйингизда худди шифохоналардагидек идеал тозалик яратишга уринманг, бу салбий ҳиссиёт уйғотади. Енгил ижодий тартибсизлик — стол устидаги бир нечта китоб, жавондаги кулолчилик ҳайкалчалари уйингизда кўпроқ қолишга ундайди.
Уй жиҳозларини жойлаштиришда ўзига хос тажрибалар ўтказишдан чўчиманг. Вақти-вақти билан хонадаги мебеллар жойини ўзгартириб туриш кайфиятга ижобий таъсир қилиши исботланган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Toshqin ‘Daryo’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)