Италиянинг «Ювентус» жамоаси ҳужумчиси Пауло Дибала туринликлар билан янги шартнома имзолайдиган бўлди, деб хабар бермоқда «Корреспондент.net».
Айни дамда 22 ёшли футболчи Аргентина терма жамоасининг ихтиёрида бўлиб турибди. Аргентина ЖЧ–2018 турнирига саралаш босқичи доирасида Перу (6 октябрь) ва Парагвайга (11 октябрь) қарши баҳс олиб боради.
Матбуот анжуманларидан бирида Дибала унинг «Барселона» сафига ўтиши мумкинлиги борасидаги хабарлар қанчалик рост экани ҳақидаги саволга қуйидагича жавоб берди:
«Месси билан ўйнаш худди футбол тарихидаги энг яхши дарвозабон – Жижи Буффон билан ўйнаш каби орзу. Аммо Лео билан фақатгина термада шерикмиз. Газеталарнинг ‘Барселона’га ўтишим ҳақида ёзиши мантиқсиз. Трансфер бозори ёпилган, мен эса ‘Ювентус’ билан шартномамни узайтиришга яқин турибман», – деди Дибала.
Қайд этиш жоиз, аргентиналик футболчининг «Ювентус» билан амалдаги келишуви 2020 йилгача мўлжалланган. Туринликлар янги шартномага кўра аргентиналик футболчининг маошини икки баробар оширади.
Изоҳ (0)