Россиянинг Медин шаҳрида 19–26 сентябрь кунлари универсал жанг (унифайт) бўйича 14–15 ҳамда 16–17 ёшли ўсмир йигит ва қизлар ўртасида жаҳон чемпионати бўлиб ўтди, дея хабар бермоқда «Газета.uz».
Унда иштирок этган ўзбекистонлик курашчилар 16 та медалга сазовор бўлди ва умумжамоа ҳисобида Россиядан кейин 2-ўринни эгаллади.
Мусобақада 24 давлатдан 238 спортчи қатнашди. Ўзбекистон термаси шарафини 9 нафар иштирокчи ҳимоя қилди. Ўзбекистонлик курашчилар универсал жангнинг «классик» ва «лайт» йўналишида 1 та олтин, 12 та кумуш ва 3 та бронза медалини қўлга киритди.
Универсал жанг куч ишлатиладиган спортнинг иккикураш тури саналади. Иккикурашнинг биринчи тури – махсус тўсиқ чизиғини босиб ўтиш. Иккинчи тури – рингда (классик) ёки татамида (лайт) жанг қилиш.
Классик турда эркин кураш, дзюдо, самбо ва курашнинг бошқа туридаги усуллар қўлланади. Лайт тури жангнинг қаттиққўл қоидалари билан ажралиб туради. Унда ҳарбийлар ишлатадиган қўл жанги усулларидан фойдаланилади.
Курашчилар махсус шлем ва юпқа қўлпоқларда, оёқлар учун ҳимоя воситасида, тана қисми ҳимояланмаган ҳолда жанг қилади.
Изоҳ (0)