Ўзбекистон Марказий сайлов комиссияси 2016 йилнинг 9 сентябридан Ўзбекистон Президенти сайлови бўйича сайлов кампанияси расман бошланганини эълон қилди. «Ўзбекистон Республикаси Президенти сайлови тўғрисида»ги қонунга 2015 йил 29 декабрда киритилган ўзгартишларга мувофиқ, сиёсий партия томонидан тақдим этилган имзо варақалари Ўзбекистон Республикаси жами сайловчилар умумий сонининг 5 фоизидан 1 фоизигача камайтирилди. Бу 214 минг 350 нафар сайловчи имзосини ташкил этади, деб маълум қилади ЎзА.
Шу кунларда мамлакатда фаолият кўрсатаётган барча сиёсий партиялар — Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партияси, Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати — Ўзбекистон Либерал-демократик партияси, Ўзбекистон Халқ демократик партияси, Ўзбекистон «Адолат» социал-демократик партияси томонидан сайловчилар имзосини тўплаш жараёни амалга оширилмоқда.
«Марказий сайлов комиссияси томонидан сайловчилар имзосини тўплаш учун имзо варақалари берилганидан сўнг Ўзбекистон ‘Миллий тикланиш’ демократик партияси ташкилотларида имзо тўплаш жараёни бошлаб юборилди, — дейди партия марказий кенгаши ижроия қўмитаси девони бўлим бошлиғи Д. Рашидова. — Айни кунларда бу жараён қизғин паллага кирди. Имзо варақаларини тўлдириш тартиби ва бу борада қатъий амал қилиниши лозим бўлган жиҳатлар сайловчиларга тушунтирилмоқда. Қонунчиликка мувофиқ, сайловчилар имзосини тўплаш иш, хизмат, ўқиш, яшаш жойида, сайловолди тадбирларида, шунингдек, ташвиқот юритиш ва имзо тўплаш қонун ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа жойларда олиб борилмоқда».
«Имзо тўплаш жараёни уюшқоқлик билан ўтказилмоқда, — дейди ЎзЛиДеП сиёсий кенгаши ижроия қўмитаси раиси ўринбосари Б. Ёқубов. — Партия марказий органлари томонидан имзо тўплаш жараёнини ҳар жиҳатдан мукаммал ўтказиш, варақалар тўғри тўлдирилиши устидан назоратни йўлга қўйиш бўйича аниқ топшириқлар берилган. Тадбирларни уюшқоқлик билан ўтказиш учун шаҳар ва туман партия кенгашлари, бошланғич партия ташкилотлари имкониятларидан самарали фойдаланиш масаласига жиддий эътибор қаратилмоқда».
«Ўзбекистон Халқ демократик партиясининг Ўзбекистон Республикаси Президенти сайловида иштирок этишини қўллаб-қувватлаш учун сайловчилар имзосини тўплаш ишлари ҳудудий, туман, шаҳар ва бошланғич партия ташкилотлари ва партиянинг ‘Фаол аёллар’ ва ‘Истиқбол’ ёшлар қанотларидан иборат фаол партия аъзолари кўмагида амалга оширилмоқда, — дейди ХДП марказий сайлов штаби раҳбари ўринбосари Б. Юсупов. — Имзо тўплаш жараёнида фаолларимиз сайловчилар билан гаплашиб, Президент сайловининг мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз келажагини белгилашдаги аҳамиятини кенг тушунтириш асносида партиямиз номзодини қўллаб-қувватлашга етарли имзо тўплаш учун устав ва дастурларимизнинг аҳоли ижтимоий-иқтисодий ҳаётидаги ўрни ва роли, партиямиз томонидан амалга оширилаётган ишлар ҳақида кенг маълумотлар беришга эътибор қаратаяпмиз».
«Мамлакатимизда сайловлар Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва сайлов тўғрисидаги қонунларга мувофиқ ҳамда халқаро демократик меъёр ва қоидаларга амал қилинган ҳолда очиқлик, ошкоралик шароитида ташкил этилмоқда, – дейди ‘Адолат’ социал-демократик партияси сиёсий кенгаши марказий аппарати бўлим мудири Ф. Эшонқулов. — Марказий сайлов комиссияси томонидан сиёсий партияга сайловчилар имзосини тўплаш учун имзо варақалари берилган кунданоқ ушбу жараённи юқори савияда ташкил этиш ва самарали ўтказишга доир тадбирлар белгиланди. ‘Адолат’ партиясининг барча маҳаллий ва ҳудудий ташкилотларида тузилган сайлов штаблари томонидан мазкур жараёнга партиянинг бошланғич бўғинлари, жойлардаги депутатлик гуруҳлари вакиллари кенг жалб этилмоқда».
Таъкидлаш лозимки, тўпланаётган имзо варақалари топширилгач, Марказий сайлов комиссияси уларнинг тўғри тўлдирилганини текширади.
Изоҳ (0)