Футбол бўйича Ўзбекистон Олий Лигасида 23-тур беллашувларига якун ясалди. Мазкур тур 23 сентябрь куни «Локомотив» ва «Обод» клублари ўртасидаги Тошкент дербиси билан старт олганди.
24 сентябрь кунининг марказий ўйини Бекободда ўтиб, 4-ўрин учун кураш олиб бораётган «Металлург» ва «Бухоро» клублари ўзаро тўқнаш келди. Ҳисоб мезбонларнинг пенальтидан урган голи билан очилган бўлса-да, кейинчалик бухороликлар сафида легионер Вадим Чемиртан ўзини кўрсатди. У аввалига гол урди, 89-дақиқада эса Шавкат Саломовнинг ғалаба голига пас берди.
Мамлакатнинг амалдаги чемпиони «Пахтакор» 23-турни йирик ғалаба билан якунлади. Биринчи давра Тошкентда жавобсиз 3 та гол ўтказган Наманган клуби, ўз майдонида 1:5 ҳисобида мағлуб бўлди.
Ўзбекистон миллий терма жамоаси сардори Одил Аҳмедовнинг укаси Азим Аҳмедов «Пахтакор» либосини кийганидан буён илк голини ўзининг собиқ жамоаси «Навбаҳор» дарвозасига урди. Қайд этиш керак, Азим Аҳмедовнинг ўзи ҳам миллий терма жамоа аъзоси ҳисобланади.
Турнинг энг йирик ҳисоби Муборакда қайд этилиб, «Машъал» «Андижон» дарвозасига 5 та гол урди. Голлардан 3 тасига Кенжа Тўраев муаллифлик қилди.
Ўзбекистон Олий Лигаси 23-тур беллашувлари 24 сентябрь, шанба
Изоҳ (0)