Халқаро футбол федерацияси (ФИФА)нинг кузатув қўмитаси испаниялик Анхель Мария Вильяр, голландиялик Михаэль ван Праг ва словениялик Александер Чеферинни УЕФА президентлигига номзод сифатида тасдиқлади, деб хабар бермоқда «ТАСС».
Чеферин Словения футбол иттифоқи президенти, ван Праг Голландия қироллиги футбол иттифоқи раҳбари, Вильяр эса Испания қироллиги футбол федерацияси президенти саналади.
УЕФА президентлиги учун сайловлар шу йилнинг 14 сентябрь куни Афина шаҳрида бўлиб ўтади. Шунингдек, 2007 йилдан буён УЕФА президенти сифатида ишлаган франциялик Мишель Платини ўз лавозимидан расман озод этилади.
Эслатиб ўтамиз, Франциялик мутасадди 2011 йилда ФИФА собиқ президенти Йозеф Блаттер Мишель Платинига 2 миллион Швейцария франкини ноқонуний равишда ўтказиб бергани учун 2015 йилнинг декабрь ойида саккиз йилга ҳар қандай футбол фаолиятидан четлаштирилганди. Кейинчалик ушбу четлаштириш олти йилга қисқартирилди. Шундан сўнг, Платини Лозаннадаги (Швейцария) Спорт арбитраж суди (CAS)га четлаштириш муддатини қисқартириш бўйича апелляция берди. Унинг апелляцияси қисман қондирилди – дисквалификация муддати олти йилдан тўрт йилгача, жарима миқдори 80 мингдан 60 минг еврогача қисқарди.
Изоҳ (0)