Таиландда 2016 йил бошидан буён Зика вирусига чалинганлар сони 100 кишидан ошди. Бу ҳақда The Nation газетасига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Таиланд қироллиги соғлиқни сақлаш вазирлиги йилнинг биринчи ярмида ҳудудда Зика вирусига чалинганлар 97 киши эканини маълум қилганди. The Nation газетасининг қайд этишича, сўнгги ҳафтада мамлакатнинг тўртта ҳудудида касалликка чалинишнинг янги ҳолатлари аниқланди.
«Зика вирусининг тарқалишига қарши керакли чора-тадбирларни қўлладик», – деди Таиланд соғлиқни сақлаш вазирлигининг касалликлар тарқалишини назорат қилиш департаменти бошлиғи Амнюай Гажина.
Хабарда қайд этилишича, 2012–2015 йиллар давомида мамлакат ҳудудида Зика вирусига чалинишнинг йилига атиги 5 тагача ҳолати кузатилар эди.
Амнюай Гажинанинг фикрича, Таиландда Зика вирусига чалиниш ҳолатлари кўрсаткичининг кескин равишда ўсиши касалликни аниқлашдаги янги техник имкониятлар билан боғлиқ.
Изоҳ (0)