Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг оғир атлетика бўйича -56 килограмм вазн тоифасида бронза медалини қўлга киритган Синпхет Круаитонгнинг бувиси мусобақа телетрансляциясини кўраётганида вафот этди. Бу ҳақда Phuket News газетасининг сайтига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Маълум қилинишича, Таиланднинг шимоли-шарқидаги Сурин провинциясида истиқомат қилувчи Синпхет Круаитонгнинг оиласига унинг иштирокини кўриш учун кўплаб одамлар йиғилди. Аммо мусобақани кўраётган вақтда 82 ёшли Субин Кхонгтхапнинг аҳволи ёмонлашди. У касалхонага етказилди ва ўша ернинг ўзида жон берди. Дастлабки маълумотларга кўра, у инсультдан вафот этди.
Спортчининг оила аъзолари журналистларга маълум қилишича, Субин Кхонгтхап неварасининг бронза медалига сазовор бўлишини кўришга муяссар бўлмади.
Синпхет Круаитонг иштирок этган баҳсларда хитойлик Лун Циньцюань олтин медални, КХДР вакили Ом Юн Чхоль эса кумуш медални қўлга киритди.