Рио—2016 Олимпиадасининг очилиш маросими Лондон—2012 ва Пекин—2008 Олимпиадалариники каби қиммат ва кенг кўламли бўлмайди. Бу ҳақда Reuters очилиш маросимининг ижрочи продюсери Марко Баличнинг сўзларига таяниб хабар берди.
Очилиш маросими 5 август куни «Маракана» стадионида бўлиб ўтади. «ТАСС»нинг Марко Баличдан иқтибос келтириб айтишича, байрам Бразилиядаги молиявий аҳволдан келиб чиқиб ташкил этилади. Лондон Олимпиадасининг очилиш маросими учун 42 миллион АҚШ доллари сарф этилган бўлса, Риодаги олимпия ўйинларининг биринчи фестивали учун ажратилган маблағ шунинг ярмини ташкил қилди.
«Бразилиядаги ҳолатдан келиб чиқиб айтганда, бу даҳшатли шоу бўлмайди», — деб айтиб ўтган Балич. — «Бу ерда Пекиндаги каби ҳашам, Афинадаги каби махсус эффектлар, Лондондаги каби технологиялардан фойдаланилмайди. Бу жуда оддий, аммо замонавий фестиваль бўлади. Ўша махсус эффектларсиз ҳам одамлар Риодаги байрам ҳақида узоқ эслаб юришади».