Англиянинг «Манчестер Юнайтед» жамоаси бош мураббийи Жозе Моуриньо германиялик ярим ҳимоячи Бастиан Швайнштайгерни клубнинг ёшлар жамоасида машғулот ўтказиш учун жўнатди. Бу ҳақда Mirror нашрига таяниб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Португалиялик мутахассис Швайнштайгердан ташқари асосий таркибнинг яна 8 футболчисини – ҳимоячилар Тимоти Фосу-Менса, Пэдди Макнэйр, Тайлер Блэкетт ва Кэмерон Бортвик-Жексон, ярим ҳимоячилар Андреас Перейра ва Аднан Янузай ҳамда ҳужумчилар Уилл Кин ва Жеймс Уилсонни ёшлар жамоасига жўнатиб юборди.
Аввалроқ 31 ёшли Швайнштайгер трансферга қўйилиши ҳақида маълум қилинганди.
Бастиан Швайнштайгер 2015 йилда «Бавария»дан «МЮ» сафига келиб қўшилганди. Ўтган мавсумда германиялик футболчи манкунианлар сафида 31 ўйин ўтказиб, 1 та гол ва 2 та голли узатмага муаллифлик қилди.
Эслатиб ўтамиз, Бастиан Швайнштайгер 12 июлда сербиялик теннисчи Ана Иванович билан оила қурганди.