Халқаро олимпия қўмитаси 2008 ва 2012 йилги Олимпия ўйинларида иштирок этган спортчиларнинг допинг намуналарини текширишнинг иккинчи босқичи ҳақида маълум қилди. Унинг якунларига кўра яна 45 спортчидан олинган намуналар ижобий натижа берди, деб хабар қилади «РИА Новости».
Жумладан, Пекин Олимпиадаси иштирокчиларининг 30 ижобий намунасидан 23 таси медаль ютиб олган атлетларга тегишли. Допингда қўлга тушган спортчилар саккиз миллий олимпия қўмитаси вакиллари бўлиб, тўрт спорт туридаги мусобақаларда қатнашган.
Лондон ўйинларидаги намуналардан эса 15 таси ижобий натижа берди. Намуналар соҳиблари тўққиз мамлакат вакиллари бўлиб, икки спорт тури бўйича мусобақаларда қатнашган.
Тестлардан ўта олмаган атлетларнинг умумий сони 98 кишини ташкил этди.
2008 ва 2012 йилги допинг намуналарини қайтадан текшириш шу йилнинг май ойида бошланган эди. Қайта текшириш ишлари 5 август куни старт оладиган Рио-де-Жанейро Олимпиадаси пайтида давом эттирилади.
Изоҳ (0)