Ўзбекистонлик футбол агенти Санъат Шарипов Жанубий Африка Республикаси Футбол Ассоциациясида ишлаш учун таклиф олди ва карьерасини шу мамлакатда давом эттириш учун жўнаб кетди.
«Championat.asia» маълумотига кўра, Санъат Шарипов Швейцариянинг Цюрих Университетини тамомлаган. ФИФА қароргоҳи жойлашган мамлакатда у жаҳон футболига халқаро тоифадаги мутахассислар етказиб берувчи университетнинг Халқаро спорт ҳуқуқи мутахассислиги бўйича магистратурасида таҳсил олган.
«Хурсандман. Яна бир таклиф Жазоир Футбол Федерациясидан бўлганди. Бироқ менга ЖАР варианти маъқулроқ. Чунки бу мамлакат Конфедерациялар Кубоги, Жаҳон Чемпионати каби мусобақаларни қабул қилган Африканинг ягона давлати. Инфратузилма замонавий кўринишга эга. Мени у ерда ниҳоятда қизиқарли ва муҳим иш жараёни кутмоқда», — деб таъкидлаган Санъат Шарипов.
Футбол агентининг сўзларига кўра, ЖАР 1998, 2002 ва 2010 йилги мундиалларда иштирок этган. — «ЖАРда мавжуд иш ҳақи тўлаш, мукофот пуллари, солиқлар, суғурта тизимларини ўрганаман. Бразилия, Коста-Рика, Австралия, Испания каби термалар билан ўртоқлик учрашувлари ўтказаётган ЖАР миллий терма жамоасига мутасаддилар бу беллашувларни қай йўсинда ташкил қилиб бераётгани бўйича ҳам тажриба орттирмоқчиман. Бундаги тижорат, реклама ва маркетинг масалаларини таҳлил қилишни ҳам кўзлаганман», — деб сўзига якун ясади Санъат Шарипов.
ЖАР Футбол Ассоциацияси хизматига қизиққан Санъат Шарипов билан Ўзбекистон Футбол Федерацияси ва Профессионал Футбол Лигаси ҳамкорлиқ қилмаган.
Санъат Шариповдан ташқари Алишер Никимбаев БАА Футбол Ассоциациясида, Аваз Бердиқулов эса Осиё Футбол Конфедерациясида фаолият олиб бораётган ўзбекистонлик мутахассислар ҳисобланади.
Изоҳ (0)