Intellect2All ахборот технологиялари лойиҳалари республика танлови Тошкент шаҳри ва Тошкент вилояти қатнашчилари учун ҳудудий саралаш босқичи ўтказилишининг бошлангани ҳақида эълон қилди. 28—30 июнь кунлари Ёшлар ижод саройида танлов йўналишлари бўйича кўргазмали маҳорат дарслари ва финал босқичига ўтувчи энг яхши лойиҳаларни саралаш бўлиб ўтади. Бу ҳақда Ёшлар ташаббуслари маркази матбуот хизмати «Дарё»га хабар берди.
18 майдан 9 июнга қадар Ўзбекистоннинг олти ҳудуди — Самарқанд, Фарғона, Бухоро, Навоий, Хоразм, Қашқадарё вилоятларида ахборот технологиялари соҳасидаги энг яхши лойиҳаларни саралаш бўлиб ўтди. Унда 15 ёшдан 30 ёшгача бўлган 1 813 нафар ёшлар иштирок этди.
Ҳудудий саралаш босқичлари доирасида 43 та ахборот технология лойиҳаси намойиш этилди. Мазкур лойиҳалар веб-ишланмалар, мобил дастурлар, шунингдек, виртуал реаллик дастурлари соҳасидаги истеъмолчилар талабини қондиришга қаратилган.
Саралаш босқичлари натижалари бўйича энг яхши лойиҳалар финалга йўлланма олади. Танлов финали ICTWEEK Uzbekistan-2016 ҳафталиги доирасида бўлиб ўтади. Танлов ютуқ жамғармаси 30 миллион сўмни ташкил этади.
Изоҳ (0)