Челябинск вилоятида XIII–XIV асрларда бунёд этилган, Россиядаги ягона Амир Темур минорасига борадиган йўналиш ишлаб чиқилди. Ноёб ёдгорликни аллақачон туристларнинг икки гуруҳи кўриб келди, деб хабар беради «ТАСС».
«Амир Темур минораси — минтақанинг дашт қисмида жойлашган энг сирли ёдгорликлардан. У XIII–XIV асрларда қурилган бўлиб, илк исломий меъморчилик дурдонаси ҳисобланади», — деб обидага таъриф берди агентликнинг Челябинск вилояти Варна тумани маъмуриятидаги манбаси.
Айтилишича, XIV асрда бу ерлардан Амир Темур ўтган. Кесене мажмуаси деб аталган мажмуа Челябинскдан 380 километр нарида, Қозоғистон чегарасида жойлашган. У 17 метрли ғиштин мақбара, бронза асрига оид олти қўрғон-тепалик, темир асри қўрғони ҳамда кечки ўрта асрларга оид 150 та қўрғонни ўз ичига олади.
«Ҳозирча минора қандай вужудга келгани маълум эмас. XIX аср охирида мақбарадан ёш аёлнинг қолдиқлари топилган эди... Шундан сўнг бу қолдиқлар Амир Темурнинг қизи — Кесенега тегишли эканлиги ҳақида афсона пайдо бўлди», — қўшимча қилди туман маъмурияти вакили.
Изоҳ (0)