Германиянинг спорт кийим-боши ишлаб чиқарувчи Puma компанияси Швейцария терма жамоаси футболчиларининг эгнидаги форма нима сабабдан йиртилганини тушунтириб берди. Бу ҳақда «РБК» хабар бермоқда.
Бир муддат илгари компания вакили экспертлар текширув якунига кўра тез орада хулосаларини ошкор этишини билдирган эди.
Эндиликда маълум бўлишича, кийим-бошнинг шу партиясини тайёрлашда ишлатилган тикув материали нуқсонли бўлгани боис футболкалар йиртилган экан.
Таъкидланишича, мато иплари ишлаб чиқариш жараёнида зарарлаган, шу боис швейцариялик футболчилар эгнидаги форма осонликча йиртилган.
Компания вакили бу матодан бошқа партияларда фойдаланилмаганини айтиб ўтди.
Швейцария терма жамоасидан ташқари, Puma Австрия, Чехия, Италия ва Словакия миллий жамоаларига ҳам футбол формаси тайёрлаб беради.
Эслатиб ўтамиз, Евро–2016 «А» гуруҳи 3-тури доирасидаги Франция–Швейцария ўйинида беш швейцариялик футболчининг эгнидаги форма йиртилиб кетди.
Изоҳ (0)