Евро—2016 «А» гуруҳи 3-тури доирасидаги Франция ва Швейцария ўйинида мухлислар битта ҳам гол кўрмади. Бунинг эвазига улар Швейцария термасидан 5 та футболчининг футболкаси йиртилиб кетганига гувоҳ бўлди.
Швейцария терма жамоаси либослари Puma компанияси томонидан тайёрланганди. Францияга қарши беллашувда ҳаракат қилган футболчилардан 5 таси формасини йиртиб олди. Шулардан 4 таси захирада турган янги либосга мурожаат қилишга мажбур бўлди.
Франция ва Швейцария термалари ўйинида, шунингдек, Евро—2016 нинг расмий тўпи — Adidas томонидан тайёрланган тўп ҳам ёрилиб кетди. «Beau Jeu» деб номланган ва француз тилидан таржима қилинганда «чиройли ўйин» маъносини берувчи тўп бунга қадар бу ҳолга тушмаганди.
Қайд этиш керак, «Реал» бош мураббий Зинедин Зидан Евро—2016 учун махсус ишлаб чиқилган тўпни ўз Instagram саҳифасида намойиш қилганди.
Маълумот учун, Puma ва Adidas компанияларининг асосчилари туғишган ака-укалар ҳисобланади. Аввалига ака-укалар бирга фаолият олиб борган. 1948 йилга келиб улар ажралиб кетиб, Адольф Дасслер Adidas компаниясига, унинг акаси Рудольф Дасслер эса Puma’га асос солган.
Диққат, диққат! «Дарё»нинг Telegram’даги расмий канали — «Тошқин ‘Дарё’»га обуна бўлиб, янгиликлардан овозли кўринишда баҳраманд бўлишингиз мумкин.
Изоҳ (0)