Евро—2016 гуруҳ босқичининг 1-турида киритилган голлар ичида энг яхшиси деб Лука Модричнинг Туркия термаси дарвозасига киритган голи топилди.
«Дарё» сўровномасида 1000 дан ортиқ ўқувчилар иштирок этди. Уларнинг 36 фоизи Лука Модричнинг Хорватия терма жамоасига ғалаба келтирган голига овоз берди.2-ўрин Франция терма жамоаси ярим ҳимоячиси Димитри Пайетга насиб қилди. Сўровномада иштирок этган ўқувчиларнинг 27 фоизи Руминия терма жамоаси дарвозасига урилган голни 1-турдаги энг чиройлиси деб билади.
Маълумот учун, Димитри Пайет «Дарё» сўровномасида етакчилик қила олмаган бўлсада, Евро—2016 тўпурарлари рўйхатида биринчи бўлиб турибди.
Сўровнома натижасига кўра Уэльс терма жамоаси етакчиси Гарет Бэйлнинг жарима зарбасидан урган голи кучли учликка кирди. Шу тариқа Мадриднинг «Реал» клуби шарафини ҳимоя қилувчи икки футболчи дастлабки уч ўринда қайд этилди.
1-турнинг энг чиройли голлари сўровномасида иштирок этган футболчилардан италиялик Эммануэле Жаккерини 9 фоиз, англиялик Эрик Даер 6 фоиз, ирландиялик Уэсли Хулехан эса 3 фоиз овоз тўплашга эришди.
Изоҳ (0)