Ўзбекистон геномика ва биоинформатика маркази олимлари ўсимликларнинг совуқбардошлигини ошириш бўйича олиб борган тадқиқотлар натижасида «эскимос» генлар кашф қилинди. Бу ҳақда ЎзА хабар бермоқда.
«Бу генлар модель ўсимликларда синаб кўрилганида уларда совуққа, қурғоқчиликка ва сертузликка чидамлилик хусусияти ҳосил бўлди, — деб ҳикоя қилади Бутунжаҳон фанлар академияси аъзоси, геномика ва биоинформатика маркази директори Иброҳим Абдураҳмонов. — Айни пайтда тажрибалар пахтада ўтказилмоқда. Буғдой, анор ва узумда клонлаштириш ўтказилди. Бизнинг мақсадимиз қисқа муддатларда узум ва анорнинг совуқбардош навларини олишдир. Ўшанда қишда ўсимликларни кўмишга эҳтиёж бўлмасди».
Айтилишича, марказ ходимлари жаҳонда биринчи марта рекомбинацион блокларнинг генетик ўлчовлари ҳисоб-китоб қилиб, пахта генларини тезкор ва самарали аниқлаш учун ассоциатив хариталаш методини ишлаб чиқди.
Шунингдек, илк бора пахта толаси сифатига жавоб берувчи ўнлаб янги генлар тавсифланиб, жаҳондаги биринчи ген-нокаут технологиясининг асослари яратилди. Натижада пахта генларидан фойдаланишда янги имкониятлар вужудга келиб, «Порлоқ» нави яратилди.
2013 йилдан бошлаб фермер хўжаликларида «Порлоқ-1», «Порлоқ-2», «Порлоқ-3», «Порлоқ-4» навларидан юқори ҳосил олинмоқда.
Таъкидланишича, мазкур илмий янгилик бутун дунёда қизиқиш уйғотмоқда. Технология Ўзбекистон, АҚШ ва бошқа давлатларда патентланди. 2015 йилда АҚШда ўндан ортиқ пахта навлари ген-нокаут қаторларига айлантирилиб, қўшма синовлардан муваффақият билан ўтказилди.
Марказда ўсимликларнинг зараркунандаларга, тупроқнинг тузланишига бардошлилигини оширадиган генларни аниқлаш ва тавсифлаш борасидаги тадқиқотлар давом этмоқда.
Изоҳ (0)