2016 йил 16 май куни «Электрон ҳукумат» маркази ва «Ўзбектелеком» АК UzMobile филиали ўртасида ҳамкорлик тўғрисидаги меморандум имзоланди. Бу ҳақда «InfoCom.uz» хабар беради.
Мазкур меморандум аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига давлат хизматларини сифатли тақдим этиш ҳамда давлат органлари фаолияти самарадорлигини ошириш мақсадида юқорида номлари қайд этилган томонларнинг ўзаро ҳамкорлигини белгилаб беради.
Меморандумга мувофиқ, тарафлар аризачининг сўровини кўриб чиқиш ҳолати ва хизмат кўрсатиш натижалари ҳақидаги маълумотларни SMS-хабарнома орқали хабардор қилишни жорий этиш ва амалга ошириш соҳасида ҳамкорлик қилади. Шунингдек, биргаликда Mobil ID тизимини яратиш ва яхшилаш ҳамда Mobil ERI (электрон рақамли имзо) тизимини ишлаб чиқиш ва жорий этиш ҳам кўзда тутилган.
«Электрон ҳукумат» маркази мазкур йўналишни янада самарали ривожлантириш мақсадида бошқа ташкилотлар билан бирга очиқ ҳамкорлик қилишга тайёрлигини маълум қилди.