Футбол бўйича Аргентина терма жамоаси бош мураббийи Херардо Мартино ҳужумчи Лионель Месси Америка Кубоги–2016 турнирида иштирок этишини тасдиқлади, деб хабар бермоқда «Чемпионат».
«Барселона» ҳужумчиси мусобақа олдидан судда кўрсатма беради, аммо бу унинг терма жамоаси сафида Америка Кубоги–2016 турнирида қатнашишига халал бермайди.
«Месси терма жамоа ихтиёрида бўлади, кейин эса судда кўрсатма бериш учун сафар уюштиради. Ушбу масалага унинг ўзи ҳам, бунга алоқадор бошқа шахслар ҳам таъсир ўтказа олмади. 2 июнь куни у кўрсатма беради. Унгача Месси терма жамоа қароргоҳида бўлиши керак», – деди Мартино.
Месси учта солиқ жиноятларида айблангани учун 2 июнь куни Испанияда судда кўрсатма бериши керак. Аввалига суд иши 4 кунгача чўзилиши ва Месси турнирнинг 1-туридаги Чилига қарши 6 июнь кунига белгиланган ўйинни ўтказиб юбориши мумкинлиги маълум қилинган.
Маълумот учун, Америка Кубоги–2016 турнири 3–26 июнь кунлари АҚШда ўтказилади.
Аввалроқ Лионель Месси Рио–2016 Олимпиада ўйинларининг футбол турнирида иштирок этмаслиги хабар қилинганди.
Изоҳ (0)