Футбол бўйича Осиё Чемпионлар Лигаси гуруҳ босқичини муваффақиятсиз якунлаши муддатидан аввал аниқ бўлган Тошкентнинг «Бунёдкор» клуби эртага, 4 май куни Қатарнинг «Лаҳвия» клубига қарши жавоб ўйинида майдонга тушади.
3 май куни «Бунёдкор» клуби бош мураббийи Сергей Лушчан ўйинолди матбуот анжуманида иштирок этди, деб хабар берди «Championat.asia» сайти.
«Бунёдкор» устози гапни Қатарда бўлиб турганидан хурсанд эканлигини айтишдан бошлади ва «Лаҳвия»га қарши ўйин унинг жамоаси учун мусобақадаги сўнггиси экани ҳақидаги маълумотни журналистларга тақдим этди: — «Биз тўғри ва истиқболли йўлдамиз. Таркибимиздаги аксарият футболчилар икки йил олдин ёшлар терма жамоасида, ўтган йили олимпия термасида ўйнади. Бу мавсумга келиб, миллий терма жамоа сафида тўп суряпти. Футбол мактабимиз яхши ишлаётганини 2015 йил якунларига кўра ОФК ҳам эътироф этди. Биз янги номларни кашф этишдан асло чекинмаймиз», — деб фикр билдирди Сергей Лушчан.
Маълумот учун, мутахассис истиқболли йўлда эканини айтган жамоа Осиё Чемпионлар Лигасининг қаторасига икки мавсумида гуруҳдан чиқа олмади. Қўшимчасига, гуруҳ босқичининг Тошкентда ўтган сўнгги олти ўйинида унинг жамоаси рақиб дарвозасига гол урмади.
Сергей Ивановичнинг фикрига кўра, «Лаҳвия»нинг гуруҳдан чиқиб бўлгани ва «Бунёдкор» бор эътиборини ички чемпионатга қаратишни бошлагани эртанги беллашувнинг қизиқарли ва очиқ руҳда кечишига сабаб бўлади. Қайд этиш керак, мусобақанинг «Б» гуруҳида 6-тур ўйинлари расмиятчилик йўлида ўтказилади ва уларда қандай натижа қайд этилишидан қатъий назар, турнир жадвалидаги жамоалар ўрни ўзгаришсиз қолади.
Матбуот анжуманига Сергей Лушчан билан биргаликда ташриф буюрган Отабек Шукуров ғалаба учун майдонга тушажакларини маълум қилди: — «Ҳамма йигитлар баҳсга тайёр. Ҳеч бўлмаганда гуруҳнинг сўнгги ўйинида зафар қучишга ҳаракат қиламиз», — деб айтиб ўтди Отабек Шукуров.
«Бунёдкор» Осиё Чемпионлар Лигасининг 2016 йилги мавсумида 2015 йилгисига қараганда яхшироқ иштирок этди. Бир йил муқаддам клуб гуруҳ босқичининг 5 та ўйинида мағлуб бўлиб, 1 тасида дуранг ўйнаган бўлса, жорий мавсум 3 тасида мағлуб бўлиб, 2 та дуранг ўйнаб улгурди.
2016 йилнинг 3 май ҳолатига кўра «Бунёдкор» Чемпионлар Лигасида қаторасига икки мавсум Ўзбекистон номидан иштирок этаётган ва гуруҳ босқичида зафар қуча олмаган ягона жамоа бўлиб турибди.
«Бунёдкор» Қатарнинг «Лаҳвия» клуби билан ҳозирга қадар 3 та ўйинда майдонга тушган бўлиб, ҳар учаласида ҳам имкониятни бой берган. Ўз дарвозасидан умумий ҳисобда 4 та тўп олиб чиқиб, рақиб постига бир марта ҳам йўл топа олмаган.
Изоҳ (0)