Франциянинг Airbus Group концерни Eurocopter EC225 L моделидаги транспорт вертолётларининг барча тижорат парвозларини тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилди. Бу ҳақда «ТАСС» хабар беради.
Шу моделдаги вертолётлардан бири куни кеча, 29 апрель куни Норвегиянинг ғарбий соҳилларида ҳалокатга учраши оқибатида унинг бортидаги 13 киши қурбон бўлди.
«Фожиали ҳодиса туфайли ҳалокатнинг барча вазиятлари аниқлангунга қадар Eurocopter EC225 L моделидаги вертолётларнинг тижорат парвозларини тўхтатиб туриш ҳақида қарор қабул қилдик», — дейилади концерн хабарида.
Компания, шунингдек, Норвегияга икки техник экспертни юборганлигини маълум қилди. Улар маҳаллий ҳукуматга ҳодиса юзасидан суриштирув ўтказишга ёрдам беради.