Британия парламентидаги Биг-Бен номи билан машҳур Елизавета минораси соати таъмир ишлари ўтказиш мақсадида бир неча ойга тўхтатиб қўйилади. Бу ҳақда, парламентнинг жамоат палатаси баёнотига асосланиб, «ТАСС» хабар бермоқда.
Лондоннинг рамзларидан бирига айланиб қолган соатни таъмирлаш ишлари 2017 йилдан бошланиб, уч йил давом этади. Бунга 29 миллион фунт стерлинг (42 миллион доллар) ажратилади. Шу пуллар ҳисобидан, таъмирдан ташқари, минора тепасига тез ва хавфсиз чиқиш учун лифт, электр тежаш учун ёруғлик-диодли ёриткич ўрнатилади.
Реставраторлар, шунингдек, ғиштларда ҳосил бўлган тирқишларни ва том қопламасидаги емирилишни бартараф қилиш билан шуғулланади.
96 метр баландликка эга Биг-Бен минораси англиялик меъмор Огастес Пьюжинс лойиҳаси асосида 1858 йилда қуриб битирилган. Виктория асри ёдгорлиги бўлган бино ЮНЕСКОнинг бутунжаҳон мероси объектлари сирасига киради. У 2012 йилга қадар Вестминстер саройи қўриқчи минораси деб юритилар эди. Елизавета II нинг ҳукмронлигига 60 йил тўлиши муносабати билан Биг-Бенга қироличанинг номи берилди.
Изоҳ (0)